Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси
АҚШ ҳукумати қарорига кўра, тинчликпарвар кучлар Афғонистонни тарк этаётган бир пайтда, “Толибон” ҳаракатининг фаоллиги тобора ошиб бормоқда. Айни кунларда Афғонистон ҳукуматининг ҳарбийлари чекиниши билан, “Толибон” ҳаракати бир туман ортидан иккинчисини қўлга киритиб бормоқда ва бу, асосан, шимолий минтақадаги туманлардан иборат бўлиб турибди. Халқаро кузатувчиларнинг фикрига кўра, тез орада улар вилоят марказлари ва йирик шаҳарларни ҳам эгаллаб ола бошлайди. Ҳозирча улар пойтахт Қобулни куч билан олиш ниятлари йўқлигини айтишмоқда, аммо мамлакатнинг катта қисмида улар устунликка эга. 1996 йилда бўлгани сингари толиблар яна бошқарувни ўз қўлига олиши эҳтимоли юқори.
Афғонистондаги вазият яқин кунларда қандай тус олади? Ушбу мамлакатдаги вазият ҳамда воқеалар ривожи Марказий Осиё давлатлари учун нечоғли хавфли? Хусусан, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон нималарга тайёр туриши керак?
Ушбу саволлар билан сиёсатшунос экспертлар – сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Абдусамад Хайдаров ва сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Суҳроб Бўроновга мурожаат қилдик.
Афғонистондаги ҳозирги вазиятни қандай баҳолаган бўлардингиз?
Абдусамад Хайдаров: Айни пайтда Афғонистондаги вазият кескинлашишда давом этмоқда. Толиблар шиддатли жангларсиз бирма-бир мамлакат туманларини эгаллаб олмоқда. Толибон Афғонистоннинг қўшни давлатлар билан чегаралари бўйлаб назорат ўрнатиш ва мамлакатнинг вилоят ҳамда вилоят марказларини Қобул билан боғловчи асосий транспорт алоқаларини назорат қилишга интиляпти. Ҳукумат ҳарбий қисмлари, жумладан, махсус кучларнинг айрим элита бўлинмалари Толибон томонига ўтиши мамлакат қуролли кучларида руҳий тушкунлик бошланганидан далолат беради. Баъзи туманларнинг жангсиз таслим бўлиши толибларнинг моҳирона ташвиқоти билан изоҳланади. Бироқ, ишғол қилинган туманларда Толибон аҳолининг меъёрий ҳаётини таъминлаш учун узлуксиз хизматларни ташкил этиш муаммосига дуч келмоқда.
Ушбу оғир шароитда мамлакат раҳбариятининг ҳаракатлари тизимли оппозиция билан келишмовчиликларни бартараф этиш учун ҳақиқий саъй-ҳаракатларни намоён этмайди. Тизимли оппозициянинг ўзи ҳам тарқоқ ва толибларга қаршилик кўрсатишга қодир эмас. Бу ҳолатдан толиблар жуда самарали фойдаланмоқда. Шунга қарамай, Қобулдаги вазиятнинг ўзи нисбатан тинчлигича қоляпти. Ҳукумат Толибонга қарши курашишга тайёрлигини эълон қилди. Шу билан бирга, этник озчиликларнинг айрим раҳбарлари ўз тарафдорларини қуроллантиришга киришди.
Асосий ташқи ўйинчилар – Россия, АҚШ, Хитой, Эрон, Ҳиндистон ҳокимиятни зўрлик билан босиб олишга йўл қўймаслик ва қарама-қарши томонларнинг музокаралар столига ўтириши мақсадида қатор учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказмоқда.
Суҳроб Бўронов: Афғонистондаги вазият мураккаб паллага чиқмоқда. Вазиятни “қалтис” дея баҳолашга бир қанча асослар бор. Биринчидан, “Толибон” қуролли кучлари қисқа муддат ичида Афғонистондаги энг муҳим туманларни ўз назоратига олмоқда. Иккинчидан, Кобулдаги ҳукумат вазиятни тўлиқ қўлга олишга қодир эмас. Учинчидан, афғонлараро музокаралар бўйича минтақавий ва халқаро жараёнлар тўхтаб қолган. Аниқроқ айтганда, Афғонистондаги ҳозирги вазият “ўйинчилар”нинг бири ғалаба қозонса, иккинчиси мағлуб бўладиган “нолга тенг ўйин” ҳолатида эмас. Шу жиҳатдан ҳам вазиятни “қалтис” дейиш мумкин.
Афғонистондаги жорий вазият АҚШнинг ўз қўшинларини олиб чиқишга бўлган ҳаракати билан чамбарчас боғлиқ. Фикримча, Америка Афғонистондан кучларини тўлиқ олиб чиқмайди. Вашингтон Афғонистон сиёсатида стратегиясини эмас, аксинча, тактикасини ўзгартирмоқда. Буни “Америка Афғонистондан қолиш учун чиқмоқда” деган тезис билан ифодалаш мумкин. Гарчи, Ж.Байден Америка ҳарбийларини Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиш вақти ҳақида маълум қилган бўлса ҳам Вашингтон раҳбарияти толибларнинг келишувга риоя этмаслиги ёки расмий Кобул билан имзолаган стратегик хавфсизлик шартномаси орқали истиқболда ушбу мамлакатдаги ҳарбий иштирокини у ёки бу тарзда қонунийлаштириш вариантлари мавжуд.
Сизнингча, Афғонистондаги воқеалар ривожи яқин кунларда қандай тус олади?
Абдусамад Хайдаров: Толиблар АҚШ билан 2020 йилнинг февраль ойида шартнома имзолаганидан бери ўзини ғолиб деб ҳисоблади ва бу ҳис энди сўнгги бир ярим ой ичида кўплаб туманларни босиб олиш билан кучаймоқда. Бизнингча, мамлакатдаги воқеалар ривожининг бир неча сценарийлари мавжуд.
Биринчи эҳтимолий сценарий – толиблар туманларни зўрлик билан босиб олишда давом этиб, вилоят марказларини эгаллашга киришиши мумкин. Агар бу тенденция сақланиб қолса ва ҳукумат тизимли оппозиция билан келишмовчиликларни бартараф эта олмаса, толиблар бир неча вилоят марказларини эгаллаши ҳамда истеъфога чиқиш таклифи билан ҳукуматга ултиматум қўйиши мумкин. Аммо, бу вариант амалга ошиши учун толиблар ҳозирча етарли куч ва ресурсларга эга эмас.
Иккинчи эҳтимолий сценарий – Афғонистон ва қўшни давлатлар учун кейинги қатор салбий оқибатларга олиб келадиган фуқаролар урушининг давом этиши.
Қолаверса, шундай вазият юзага келиши мумкинки, унда ҳукумат истеъфога чиқишга мажбур бўлади ҳамда Толибонга қарши асосий сиёсий кучлар раҳбарлари иштирокида вақтинчалик ҳукумат тузилади. Бундай бурилиш, асосий ташқи ўйинчилар ёрдами билан афғонлараро музокаралар жараёнини қайта бошлаш ва муросага эришишга имкон беради.
Музокаралар жараёнини қайта бошлаш толиблар ва мамлакатнинг асосий этник гуруҳлар ва дин вакиллари иштирокида коалицион/инклюзив ҳукумат тузиш учун зарур бўлади.
Суҳроб Бўронов: Аслида, Афғонистон бўйича эртага нима бўлишини ҳам башорат қилиш жуда мушкул. Лекин, воқеалар ривожи ва таҳлил орқали тахмин қилинса бўладики, толиблар катта эҳтимол билан ҳокимиятга яқин келиши мумкин. Фақат бу жараён 90-йиллар ўрталаридаги ҳолат сингари бўлмаса керак. Улар ҳокимиятни тўлиқ эгаллайди, дейишдан йироқман. Фикри ожизимча, бу ерда учта сценарий мавжуд:
1. Конструктив. Расмий Кобул ва “Толибон” ўртасида муроса олиб борилиб, коалицион ҳукумат тузилиши;
2. Деструктив. Мамлакатда фуқаролар уруши қайта фаоллашуви;
3. Толибларнинг ҳокимиятни тўлиқ қўлга киритиши.
Афсуски, иккинчи сценарийнинг амалга ошиши эҳтимоли юқори. Чунки, ҳозир Афғонистон шимолида ҳам Кобул ҳукуматидан бўлак турли этник гуруҳлар “Толибон”га қарши жиддий кураш олиб бормоқда. Бу эса этносиёсий вазиятни янада чигаллаштириб, Афғонистон парчаланиб кетишига, афғонлараро музокаралар эса йиллаб чўзилишига олиб келиши мумкин.
“Толибон” ҳаракати мамлакат шимолига интилар экан, унинг шимолий қўшнилари Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг жараёнларга нисбатан муносабати турлича шаклланмоқда. Ўзбекистон Афғонистон билан анъанавий дўстона алоқалар ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини, Тожикистон эса ҳозирча ҳеч қандай таҳдид йўқлиги, аммо “ҳар доим юқори тайёргарлик ҳолатида бўлиш керак”лигини таъкидламоқда.
Жорий вазият Марказий Осиё минтақаси учун қанчалар хавфли, хусусан, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон нималарга тайёр туриши керак?
Абдусамад Хайдаров: Афғонистондаги ҳозирги вазият, албатта, мураккаб ва бу Марказий Осиё давлатларини вазиятга муносиб жавоб беришга мажбур қилади. Минтақа давлатларида Толиблар Афғонистон чегараларидан ташқарига чиқиш мақсадини кўзламасликлари ҳақида тушунча мавжуд. Шунга қарамай, қочқинлар пайдо бўлиши ва ҳукумат ҳарбий қисмлари ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун чегараларни кесиб ўтиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Мавжуд вазият туфайли Афғонистондан келиб чиқадиган хавфсизлик учун анъанавий таҳдидлар вақтинча орқа фонда қолди. Ушбу таҳдидларни афғонлараро музокараларни қайта бошлаш ва мамлакатда узоқ муддатли тинчликка эришиш орқали минималлаштириш мумкин. Музокара жараёнини қўллаб-қувватлаш ва Афғонистонда бир қатор транспорт коммуникация ҳамда энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг ташаббуслари ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.
Суҳроб Бўронов: Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам Афғонистонга хавф ёки таҳдид манбаи сифатида эмас, балки стратегик имкониятлар омили сифатида қарашимиз лозим. Шахсан мен жорий вазиятни Марказий Осиё минтақаси учун жуда хавфли, деб ҳисобламайман. Катта геосиёсий кучларнинг минтақадаги янги “ўйин”лари Марказий Осиё давлатларини амалда синаб кўрмоқда. Шундай вазиятда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви тезроқ ташкил этилиши ниҳоятда долзарбдир. Бўлажак учрашув Афғонистондаги вазиятни ташқи кучлар аралашувисиз муҳокама этишга, барча саъй-ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириш, истиқболда Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини Афғонистон орқали боғлашдаги тўсиқ ва муаммоларни биргаликда ҳал этишга имконият ҳамда шароит яратиши мумкин.
Манба: uzanalytics.com