Салом дўстлар! UzTREND камбағаллик муаммоси ва унга қарши курашиш йўллари ҳақида сўз юритишда давом этади. Лойиҳамизнинг илк синов сонида экспертимиз, иқтисод фанлари номзоди Нодира Зикриллаева АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва Канадада истеъмол саватининг қандай шаклланиши ҳақида ҳикоя қилиб берганди.
Эслатиб ўтамиз, бу – Ғарбнинг ривожланган давлатларида бир шахс ёки оила томонидан истеъмол қилинадиган товарлар ва хизматларнинг ўртача ёки одатий тўпламидир. МДҲнинг айрим мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга келадиган бўлсак, қонунчиликда расмий бириктирилган минимал “истеъмол савати” атамаси – “инсон саломатлигини сақлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларнинг энг кам миқдорини англатади”.
Бугун мутахассисимиз Ўзбекистонда истеъмол савати қандай шакллангани ҳақида гапириб беради.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мамлакатимизнинг меҳнатга лаёқатли ўртача фуқароси фойдаланадиган товар ва хизматлар рўйхатидан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги истеъмол саватчаси миқдорини ҳисоблаб чиқди. Бу миқдор 2021 йилда бир кишига 2,1 миллион сўмдан ортиқни ташкил этди.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол саватидан нон маҳсулотлари, дон ва дуккаклилар, гўшт маҳсулотлари, сабзавот, полиз маҳсулотлари, мевалар (шу жумладан цитрус мевалари ва резаворлар), сут маҳсулотлари, шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлари ўрин олди. Ноозиқ-овқат товарларига дори-дармонлар, косметика ва уй-рўзғор буюмлари, коммунал, транспорт харажатлари ва қўшимча таълим курслари учун тўловлар каби хизмат турлари киради.
Қоидага кўра, истеъмол савати аҳолининг учта ижтимоий-демографик гуруҳи – меҳнатга лаёқатли аҳоли, нафақахўрлар ва болалар учун тузилган. Федерация томонидан ишлаб чиқилган товарлар рўйхати меҳнатга лаёқатли аҳолининг ойлик истеъмоли асосида ҳисобланади. Федерация ўртача меҳнатга лаёқатли фуқаронинг бир ой давомида истеъмол қиладиган товар ва хизматлар рўйхатини тақдим этди.
Албатта, жадвалнинг охирги икки устунидаги нархлар 2021 йилга тегишли эканлигини ҳисобга олиш керак. Шунингдек, бу вақт давомида нарх жамоат транспорти (ҳеч бўлмаганда, пойтахтликлар учун) учун ўзгаришсиз қолган, интернет ва телевидение хизматлари ва уяли алоқа учун эса фақат қисман кўпайган бўлса-да, бироқ озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ойма-ой ошиб бормоқда. Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг “Ўзбекистон Республикаси истеъмол секторидаги инфляция” ҳисоботида (31 май куни эълон қилинган) кўрсатилишича, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, хизматлар нархлари тенг шаклда – 0,5% га ошган. Лекин йиллик кўрсаткичда (ўтган йилнинг май ойига нисбатан) озиқ-овқат инфляцияси етакчи ўринда – 13% га ошган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса -8,4%, хизмат кўрсатиш – 8,6%га кўпайган.
Май ойида мева ва сабзавот орасида энг кўп лимон (+31,5%), карам (+16,1%), олма (+9,2%), помидор – 20,2%, карам – 17,1%, кўкатлар – 15%, лимонлар — 11,3%га нархлари қимматлаган. Йиллик ҳисоботда нархларнинг энг юқори даражада ўсиши қуйидаги маҳсулотларда кўрсатилган: пиёз (+50,4%), помидор (48,8%), шолғом (+21,5%), ловия (+16,6%), карам (+14,4%) ва банан (+11,4%).
ПАЙМОНАГА СЎНГ ТОМЧИ
Аммо шундай рақам/белги бор-ки, уни ўз тадқиқотимизда айланиб ўтолмаймиз. Бу – қашшоқлик чегараси. Ўзбекистонда унинг миқдори ойига 498 минг сўмни ташкил этади. Нодира Зикриллаева давом этади:
Камбағаллик – бу ўз танловига эга бўлмаслик ёки уни амалга ошира олмаслик демак. Бу инсон қадр-қимматининг поймол этилишидир. Камбағаллик энг оддий имкониятнинг ҳам йўқлиги туфайли жамият ҳаётида расман иштирок эта олмасликни англатади. У – ўз оиласини боқиш ва кийинтириш, мактабда ўқиш ёки касалхонада даволаниш, тирикчилик имконини берадиган – томорқасида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ёки ўз ишига эга бўлиш, шунингдек, кредит олиш каби яшаш имкониятларининг мавжуд эмаслигида намоён бўлади. Камбағаллик – бу одамлар, уй хўжаликлари ва жамоаларнинг ишончсизлиги, ёрдамга муҳтожлиги ва ижтимоий бегоналашуви демакдир. У – зўравонликка қарши заифликни англатади. Ва кўп ҳолларда, беқарор ва хавфли худудлар, ичимлик суви ва тозаликсиз ҳаёт деганидир камбағаллик.
Минимал истеъмол харажатлари инсоннинг озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига, шунингдек, хизматларга бўлган кундалик эхтиёжларини ҳисобга олади. Ушбу усул кундалик бюджетни хисоблаш учун зарур бўлган асосий харажатларни аниқлашни ўз ичига олади. БМТ маълумотларига кўра, халқаро камбағаллик чегараси 2011 йилги халқаро нархларда кунига 1,90 доллар қилиб белгиланган. Агар камбағаллик чегарасида бўлган шахс кунига камида 1,90 АҚШ доллари миқдорида товар ва хизматлар истеъмол қилади деб ҳисобласак, унинг бир ўзи – қарамоғидаги шахсларни ҳисобга олмаганда – 30 кун давомида кўрсатилган миқдордаги пул 57 АҚШ доллари ёки 654 189 сўмни ташкил этади.
«БИЗ КРЕДИТ ОЛИШДАН ҚЎРҚАМИЗ…»
Бизнинг навбатдаги қаҳрамонларимиз Ўзбекистоннинг оддий фуқаролари. Давлат томонидан бир киши учун ойига расман белгиланган 498 000 сўм – Тошкент вилоятида яшовчи бир оиланинг яшаши учун камлик қилади.
Назира Ғайбуллаева турмуш ўртоғи Тоҳир Анорқулов билан Олмалиқ шаҳрида яшайдилар.Уларнинг икки нафар фарзанди бор. Бири 12, иккинчиси 11 ёшда.
Мана бир неча йилдирки, оила бошлиғи – Тоҳирнинг тайинли иши йўқ. Назира уйидан унча узоқ бўлмаган сомсахонада идиш ювувчи бўлиб ишлайди.
У кунига ўртача 70-80 минг сўм маош олади. Бу ойига бир ярим миллион сўмга яқин дегани. Ушбу пулни ҳар бир оила аъзосига бўлсак, 350 000-400 000 сўмдан тегади.
Тоҳир ва Назира ўзларининг молиявий аҳволини яхшилаш ва фарзандларининг ўсиб бораётган эхтиёжларини қондириш йўлларини тополмасдан боши берк кўчага кириб қолгандек гўё. Улар яқинда кам таъминланган оилалар қаторига қўшилди.
Эр-хотин банкдан имтиёзли кредит олиб, ўзларининг кичик бизнесини йўлга қўйиш ҳақида ўйлашган, аммо кредитни ўз вақтида тўлай олмасликдан қўрқишади.
Лекин болалар катта бўлишаяпти, харажатлар ҳам ўсиб бормоқда. Шунинг учун улар бу масалада аниқ бир қарорга келишлари зарур.
Айнан ана шу қарорлар ҳақида биз сиз билан бундан кейинги “Камбағал одамлар” лойиҳамизнинг учинчи бўлимида гаплашамиз. Айни чоғда, банкдан кредит олишдан қўрқмаган яна бир оила билан танишамиз ва кўрайлик-чи, бу ишдан нима чиқди экан. Ҳозир эса Олмалиқдан тайёрланган видеони томоша қилайлик.