Муаллиф: Шуҳратжон Хуррамов
Манба: UzAnalytics.com
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Хелена Фрейзер мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш борасида қўйилган муҳим қадамлар ва мазкур соҳадаги асосий муаммолар ҳақида UzAnalytics билан мулоқотда бўлди. Қуйида Хелена Фрейзер билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Сизнингча, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасида сўнгги 3 йил ичида қандай муҳим қадамлар қўйилди?
– Хабарингиз бўлса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини (кейинги ўринларда БРМ) изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Хусусан, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.
5-мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб, барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.
Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда:
• аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
• аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;
• аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;
• ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш.
Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимда ижобий силжишларни таъкидлаш керак, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртлари турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолиятини тикладилар. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга ҳалал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради.
Фурсатдан фойдаланиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқидан кўчирма келтиришни ўринли деб биламан:
“Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради… одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.
Шу куни Президентнинг таклифига биноан, мамлакат тарихида илк бор Сенат раислигига аёл киши – Танзила Норбаева сайланди. Маълумки, Норбоева хоним Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси (ЎХҚ) раиси бўлиб ишлаган.
Қонунчилик чоралари:
Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. БМТнинг деярли барча агентликлари, жумладан БМТ Тараққиёт Дастури, БМТ аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноят бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти ушбу икки қонун бўйича изоҳ ва таклифлар беришди.
Институционал чоралар:
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.
Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Республика мослашуви ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази, “Оила” илмий-амалий маркази ва “Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази” каби янги тузилмалар ташкил топди.
Янги ташкил этилган барча институционал механизмлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда БМТ Конвенциясига мувофиқ аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томонидир.
– Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган гендер сиёсатига оид дастур ва ташаббуслар самарадорлигини қандай баҳолайсиз?
– Қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамдир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.
Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган.
Гендер сиёсатининг мониторинги ва самарадорлигини баҳолаш соҳасида www.gender.stat.uz сайтида қўшимча 54 та гендер кўрсаткичларини киритиш орқали муҳим ўзгаришлар рўй берди.
Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим ахамиятга эга.
– Ушбу соҳада қандай муаммолар ҳал этилмай қолмоқда ва уларга нисбатан қандай чоралар кўриш лозим (ташаббуслар, ҳукумат қарорлари ёки илгари қабул қилинган дастурларни амалга ошириш каби)?
– Муаммолар тўғрисида:
Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни давом эттириш зарур.
Парламентдаги 30 фоизлик квотага қарамай, аёлларнинг вакиллиги атиги 16 фоизни ташкил қилади. Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасида аёллар 6,5 фоизни, ижро этувчи ҳокимият раҳбарлари орасида эса 15,3 фоизни ташкил қилган. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар таркибидаги юқори раҳбар лавозимларда аёлларнинг вакиллиги 10 фоиз, ўрта бўғинда эса – 24 фоиздан иборат бўлган.
– Керакли чоралар тўғрисида:
1) Қонунчилик соҳасида. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг бажарилишини таъминлаш учун йўл хариталарини қабул қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Гендер тенглиги бўйича миллий стратегияни қабул қилиш режаси ҳам мавжуд. БМТ агентликлари гендер тенглик ва камситмаслик масалаларида, шу жумладан махсус ҳужжатларни режалаштириш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги кодексларнинг махсус қоидаларини – жиноий, процессуал ва ижро этувчи босқичларни ишлаб чиқишда бундан кейин ҳам кўмак беришга тайёр.
Шунингдек, қабул қилинаётган у ёки бу даражадаги ҳужжатларнинг аёллар ва эркаклар учун бир меъёрда бўлишига эришиш учун қонунчиликнинг гендер экспертизасини ўтказиш мажбурийлигини таъминлаш муҳимдир.
2) Институционал қайта қуриш соҳасида. Бизнес инкубаторлари билан бир қаторда, аёлларни таълим ва фан соҳасида рағбатлантириш, шунингдек, STEM[1] (Фан, технология, муҳандислик, математика)-лабораториялар яратиш орқали табиий ва техник фанлар соҳасига жалб қилиш чораларини кўриш керак. Бу, ўз навбатида, аёлларнинг бандлигини, замонавий меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.
Қабул қилинаётган чора-тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудлари ва хотин-қизларнинг барча тоифаларини қамраб олиши керак. 2030 кун тартибидаги тамойилларни, хусусан, “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини ҳисобга олган ҳолда, ҳар хил камситиш шаклларига мойил бўлган хотин-қизларнинг ҳолатига алоҳида эътибор бериш муҳимдир. Бу ерда мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги қишлоқлардаги хотин-қизларга, этник озчилик гуруҳлари, ногиронлар, ОИВ / ОИТС билан яшаётган аёллар, озодликдан маҳрум қилиш ва чеклаш жойларидаги хотин-қизларга (шу жумладан қамоқхоналар, пансионатлар, қариялар уйлари ва руҳий касалликлар шифохоналари), инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва қочқинларга асосий эътибор қаратилади.
БМТнинг Ўзбекистондаги кўмаги тўғрисида:
Айни пайтда БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида гендер масалалари бўйича махсус гуруҳ мавжуд, унинг таркибига БМТнинг деярли барча агентликлари вакиллари киритилган. Масалан, юқорида қайд этилган қонунларга берилган тавсиялар ҳали лойиҳа пайтида гуруҳ ишининг бир қисми эди. Ушбу гуруҳ фаолияти мисолида БМТ агентликлари бошқа қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда ёрдам беришга доим тайёр.
Бундан ташқари, конференция, видеоролик, ЎХҚ қошида юридик клиника, ижтимоий тармоқлар каби турли форматларда аёллар муаммолари тўғрисида хабардорликни ошириш бўйича кўплаб тадбирлар кун тартибидан жой олган. Яқин келажакда, БМТ Тараққиёт дастури ва ЎХҚ ўртасидаги қўшма лойиҳа доирасида гендер экспертизаси ва гендер зўравонлик масалалари бўйича тренинглар ўтказиш режалаштирилган.
Барқарор ривожланиш мақсади гендер тенглиги ва кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон томонидан қабул қилинган тўққиз вазифа ҳам давлатнинг кейинги қадамлари учун муҳим кўрсатмалардир. Ўз навбатида, Ўзбекистондаги БМТнинг жамоаси айни пайтда барча миллий ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг кенг маслаҳатлашувлари билан ишлаб чиқилаётган “2021-2025 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш ҳамкорлик дастури” доирасида гендер тенгликни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасига ҳар томонлама ёрдам беришда давом этади.
Хелена Фрейзер ҳозирги лавозимига 2017 йил 31 июль куни тайинланган. Мазкур лавозимини эгаллашдан олдин Хелена БМТнинг Гуманитар масалалари бўйича бошқармасининг (БМТ ГМБ) Амман (Иордания) Минтақавий бюросида Сурияда юзага келган танглик муаммоси бўйича раҳбари лавозимида ишлаган (2014-2017). У Женевада (Швейцария) БМТ ГМБнинг трансформацион ўзгаришлар жараёнлари раҳбари ҳамда ҳамкорлик ва ресурсларни жалб қилиш бўйича бўлинмасининг вақтинчалик раҳбари лавозимларида ишлаб (2012-2014), шу вақтнинг ўзида хусусий сектор бўлимига ҳам раҳбарлик қилган. 2008-2012 йилларда Хелена БМТ ГМБнинг донорлар билан алоқа қилиш бўлимига раҳбарлик қилди, 2002-2008 йилларда эса БМТ ГМБнинг Женева ва Нью-Йоркдаги ваколатхоналарида турли лавозимларда гуманитар ёрдамни ислоҳ қилиш, мамлакатда аҳолининг ички кўчиши масалалари ва чора-тадбирларини ишлаб чиқиш каби масалалар билан шуғулланган. Бундан илгари Хелена БМТ Бош котибининг Шарқий Тиморда вақтинчалик БМТ Маъмуриятидаги Махсус вакили муовинининг ёрдамчиси (2001-2002) ҳамда Нью-Йоркда Фавқулодда ёрдам мувофиқлаштиручисининг/БМТ Бош котиби вакили муовинининг махсус ёрдамчиси (2000-2001) лавозимларида ишлаган. Хелена ўзининг БМТ ГМБдаги фаолиятини Грузиядаги амалий маслаҳатчи лавозимида бошлаб (1997-1998), кейинчалик Нью-Йорк шаҳрига Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича мутахассис бўлиб ишлаган (1999-2000).
Хелена Оксфорд университетида (Буюк Британия) халқаро алоқалар соҳасида магистр даражаси ҳамда худди шу университетда тарих ҳамда рус тили ва адабиёти бўйича бакалавр даражасига эришган. Хелена инглиз, француз ва рус тилларида сўзлаша олади.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] STEM – Science, Technology, Engineering and Mathematics