
Нукусдаги «Мурувват» ногиронлар учун хотин-қизлар интернат уйи ходимлари бу ерда яшовчи 18 ёшдан 80 ёшгача бўлган хотин-қизларни “қизларимиз” деб аташади. “Қизлар” эса бунга жавобан қўлларини кўксига қўйиб, жилмайиб туришади. Улар интернат уйи ходимларини ўзларининг энг яқин инсонлари деб билишади. Бу ерда “бемор” ёки “касал” сўзларини эшитмайсиз. Ҳатто оғир руҳий касаллик ташхиси қўйилган яшовчиларни ҳам худди оиладаги яқин кишиларига мурожаат қилгани каби ўз исми билан чақириш одатга айланган.
Лидия Романовна Ким бошчилигидаги интернат уйида Тошкент, Навоий, Қўнғирот, Урганч, Манғит, Нукус сингари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган, яқин қариндошлари парвариш қилишга имконсиз бўлган, ихтисослашган даволанишга ва доимий тиббий назоратга мухтож бўлган 250 нафар хотин-қизлар яшайди. Уларнинг кўпчилигига ижобий натижага эришиш учун индивидуал ёндашув талаб қилинади. Айримлари эса боқувчиси йўқ – ёлғиз, лекин “Мурувват” уйида уларни ҳеч ким ёлғизлатиб қўймайди.
— Даволаш – қизларимиз оладиган нарсанинг бир қисми холос. Ўзи ҳаракат қила оладиган ва ўз-ўзини эплай оладиганларнинг деярли ҳар бирининг ўз севган машғулоти бор. Ижод улар учун бошқалар томонидан эшитилишига, тушунилишига, қобилият ва истеъдодларини намоён этишга имкон беради. Кимдир расм чизади, кимдир матоларга гобелен ва сўзаналар тикса, айримлари гул ўстиради, яна кимдир шахмат ўйнаса, бошқаси навбатдаги концерт дастурини тайёрлайди, – дейди интернат уйи директори. “Мурувват” уйининг деярли барча деворлари унда истиқомат қилувчилар ясаган буюмлар билан безатилган. Пластик идишлардан ёки жалюзилардан, тухум қутиларидан, қоғоздан Ҳумо қуши, гуллар, қўғирчоқлар, паннолар ва шахмат доналари тайёрлашади.
Шунингдек, устахоналардаги жавонлар ҳунарманд аёллар тайёрлаган маҳсулотлар – тўқилган қуёнлар, лой ва қоғоздан ясалган қасрлар, қорбобо ва матрёшкалар, мунчоқлардан ясалган нозик дарахтлар, гуллар билан тўлдирилган.
Президент қарорига асосан, ўтган йилдан бошлаб “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансонати Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига бириктирилди. Давлат божхона қўмитаси:
— тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш;
— тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий услуб ва ижтимоий технологияларни татбиқ этиш;
— тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник ва гигиеник воситалари билан таъминлаш;
— тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш бўйича зарур шароитларни яратиш;
— тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятини ривожлантириш;
— тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган шахслар учун маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни, шу жумладан концерт дастурларини ташкил этиш орқали уларни маданий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлашда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига доимий равишда кўмаклашади.
Мавлуда Чашимова бўлажак сумка учун оппоқ матога тушираётган каштасини фахр билан кўрсатади.
— Бундай кашталар менда кўп! Ҳаммасини ўзим тикдим, сизга ёқдими? – дейди жилмайиб.
Мен “Кашталарингиз ўзингизга ўхшаган жуда чиройли экан” дейман. У табассум қилиб, “Мен ота-боболарим, момоларим турли миллатдан, шунинг учун мен гўзалман!”, дейди-да уялганидан қизариб кетади.
Меҳнат инструктори Людмила Юсупова Мавлуда ва бошқа аёллар ясаган буюмларини мақташни канда қилмайди.
Людмила беш йил олдин мактаб-интернатга келган. Маълумоти бўйича иқтисодчи бўлса ҳам, ўз мутахассислиги бўйича ишлашдан кўра муҳтожларга ёрдам беришни афзал кўрди. Ўн йил давомида Людмила қайнонасини парваришлади, у вафот этганидан кейин шу ерда ишлашга қарор қилди.
— Бу ерда истиқомат қилаётган хотин-қизлар жуда меҳр-оқибатли, чизган сурати ёки ясаган буюми деворга осиб қўйилса, уларни мақтасак, худди болалардек қувонади, – дейди Людмила. – Улар ясаган барча нарсани жамласак, бутун бир музей очса бўлади. Яқинда биз нейрографика усулини қўллашни бошладик. Бунда нафақат бир кунда, ҳатто ойлар давомида битта асар устида ишлашимиз мумкин.
Бу асарлардан психиатр Лола Керуенова расм муаллифини нима ташвишга солаётганини “ўқийди”, хулосалар чиқаради ва кейин ҳар бирига алоҳида ёрдам бера бошлайди. Шундан сўнг даволаниш ва реабилитация қанчалик самарали бўлганлигини аниқлаш учун яна бир расм чизиш вазифаси берилади. Мазкур тажрибани ўрганиш учун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги “Мурувват” ва “Саховат” уйларидаги мутахассислар келишмоқда.
250 нафар яшовчиси ва 160 нафар ходими бор мазкур интернат уйини кичик бир Ватанга қиёслаш мумкин. Бу ерда меҳр-муҳаббат, инсонда инсонни кўриш, у қандай бўлса, шундай қабул қилиш нақадар муҳимлигини англаш қонунлари устувор.
Интернат уйи янги бинога 2017 йили Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида интернат уйи билан танишганидан кейин кўчиб ўтди. Интернат уйи у пайтда Хўжайли туманида бўлиб, аянчли аҳволда эди. Президент топшириғи билан Нукус шаҳрида янги мажмуа қад ростлади. Бугунги кунда у оддий тиббиёт муассасасидан кўра барча шароитларга эга замонавий меҳмонхонага ўхшайди.
Икки ўринли палаталар, телевизорли холлар, ювниш хоналари, ошхона, устахоналар, мажлислар зали – барчаси мукаммал ва тоза сақланмоқда. Бунда ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг хизмати катта. Улар, шунингдек, барча истиқомат қилувчиларнинг гигиенасига эътибор бериш – уларнинг душ қабул қилишига, кийим алмаштиришига кўмаклашиш, тўшакларни алмаштириш каби вазифалар билан ҳам шуғулланади.
Ойгул Алимбетова интернат уйига ишга келганига 30 йилдан ошди, унинг меҳнат дафтарчасида фақат битта ёзув бор. У ўзи ва вазифалари ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Умрининг катта қисмини интернатга бағишлаган у ҳам, Шукуржон Ўразбоева, Гулистон Ўразимбетова сингари бошқа ҳамкасблари ҳам фидойилик ва жасоратини оддий кундалик меҳнати, деб ҳисоблайди.
Яқин вақтгача тўшакка михланган беморларни душга олиб бориш, уларнинг тўшакларини янгилаш жуда қийин, бу ишга бир нечта ходим керак бўларди. Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳадя қилган махсус қурилма ёрдамида эса бу ишлар анча осонлашди.
Бош ҳамшира Гулнора Бердикеева, Гулайим Ишниязова ва бошқа тиббиёт ходимларининг меҳнати ҳам эътирофга лойиқ.
— Бизнинг қўллаб-қувватловчи кўплаб яхши дўстларимиз бор, лекин улар бу ҳақида жар солишга интилмайди, – дейди Лидия Ким. – Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси давлат маданият ва санъат музейида ҳунарманд аёлларимизнинг ижодий ҳафталиги бўлиб ўтди. Бундан ташқари, биз экологик танловда иштирок этиб, бир номинация бўйича ғолиб бўлдик. Қизларимизнинг қўлдан ҳақиқий дурдона асарлар яратаётганини кўриб, танлов ташкилотчилари ҳайратда қолишди.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига:
— 2023-2024 йилларда Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларининг ҳудудида видеокузатув мосламаларини ўрнатилишини таъминлаш;
— 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда тасдиқланган режа-график асосида “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги тарбиячиларни ҳар йили камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқитиш тартибини жорий этиш;
— 2023 йил 1 июнга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда руҳий ва жисмоний ривожланишида камчилиги бўлган шахсларнинг замонавий абилитация ва реабилитация муолажаларидан ўтиши учун “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари негизида зарур технологик шароитларни яратиш, бунда, амбулатор шароитда даволанаётганлар учун янги педагогик ва инновацион технологияларга асосланган дастурлар жорий этилади ҳамда ота-она ёки васийларга маслаҳат ёрдамлари кўрсатиш;
— тиббий-ижтимоий муассасаларни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт турлари билан шуғулланиши учун зарур бўладиган спорт асбоб-ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарлар билан таъминлаш;
— ҳар йили 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб “Мурувват” болалар уйларининг тарбияланувчилари ўртасида республика миқёсида спорт мусобақаларини уюштириш (спорт асбоб-ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарлар хариди Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади);
— Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда ҳар чоракда тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексаларнинг театр, концерт ва музейларга ташриф буюриши ҳамда таниқли ёзувчи ва адиблар билан маданий ва маърифий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш (бунда, маданий ва маърифий тадбирлар Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб борилиши тавсия этилди) вазифалари юклатилди.
Нина Андрианова 11 йилдан бери бу ерда яшайди. Ўтмишидан котиб-машинист бўлиб ишлаганини, шунингдек, болалигида санъат мактабига борганини эслайди. Уни тугатишнинг иложи бўлмади, оиласи Тошкентнинг бошқа туманига кўчиб ўтди, лекин чизиш истаги уни ҳеч қачон тарк этмади. Нина ҳозир ўз дугоналарининг портретларини чизади ва кундаликларида дунёда содир бўлган ва содир бўлаётган муҳим тарихий воқеаларни қайд қилади. У янги асарлар учун илҳом оладиган музейларга ташриф буюришни яхши кўради.
Анар Рзаева кўплаб шеърларни ёддан билади ва кўпинча тадбирларда уларни саҳнадан ўқийди. Интернат кутубхонасига келган ҳар бир янги китоб биринчилардан бўлиб ўқийди. Бугунги кунда кутубхонада 4 тилда 2000 дан ортиқ турли нашр мавжуд бўлиб, унинг фонди доимий равишда тўлдири борилади.
Тадбирлар залида эса хореограф Шаҳсанем Оралбаева бошчилигида янги рақс саҳналаштирилмоқда. Саҳнага кўтарилган хотин-қизлар эса ҳаяжонни унутишади, улар бутун вужуди билан рақс ижро этади. Уларни саҳнадан қарсаклар ва гуллар билан кузатиб қўйишади. Ахир бахтли бўлиш учун шунинг ўзи етарли эмасми?
Людмила Юсупова шогирдларига таниқли рассомларнинг расмлари нусхаларини яратишда ёрдам беришни, интернатни шогирдларининг асарлари билан безашни ва имкони бўлса, музейлардан бирида асарлар кўргазмасини ташкил этишни орзу қилади. Бу орзунинг тамал тоши аллақачон қўйилди – Сальвадор Далининг “Юлдузли тун” асарининг нусхаси шогирдларидан бири Гули Ешжанова томонидан чизилди.
Шунингдек, Людмила Юсупова ва унинг шогирдлари туркум эртаклар тайёрлаб, “Мурувват”нинг катта оиласига айтиб беришни ҳам режалаштирган. Баъзи “қаҳрамонлар” аллақачон турли хил рангдаги иплардан тўқилган бўлиб, улар ўзларининг сеҳрли ҳикоялари билан бўлишиш вақтини кутишмоқда.
Алена АМИНОВА.