ЭКОҚОЧҚИНЛАР ЯНА ҚОЧИШИ КЕРАКМИ?

Кос-Кўл экоқочқинлар учун совет давридан қолган биринчи бошпаналардан бири ҳисобланади. Улар ўтган асрнинг 80-йилларида Орол денгизи соҳилларидан бу ерга — Нукус шаҳри чеккасига кўчиб келишган.

Аввал ёзганимиздек, қишлоқнинг аксарият қисмида тартибсиз бинолар мавжуд. Бугун собиқ экоқочқинлар, уларнинг авлодлари ва қўшнилар янги фалокатга дуч келишмоқда. Уларнинг уйлари вайрон бўлиш арафасида. Бунинг сабаби иқлим ўзгариши оқибатларидан бири бўлган термитлардир. Улар одамларни кўчишга, янада узоқроқ кетишга мажбур қилиши шубҳасиз.

Маҳаллий аҳоли асосан нормал инфратузилма йўқлиги, мактаб ва боғчалар узоқлигидан шикоят қилади.

– Кўчамизга асфалт ётқизилишини истаймиз. Сув йўқ, бошқа кўчадан сув олиб келамиз. Лекин унинг сифати жуда ёмон, лойқа. Шунинг учун тозаланган сув сотиб олишга мажбурмиз. Лекин асосий муаммо бу — термитлардир, — дейди уй бекаси Гулназ Карамитдинова.

Бундан етти йил аввал унинг оиласи Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидаги Халқобод қишлоғидан бу ерга кўчиб келган.

Унинг қўшниси (ўзини таништирмади) суҳбатга қўшилади:

– Биз бу ерга кўчиб келдик ва уй қурдик. Шароит ёмон: яқин атрофда болалар боғчаси, йўловчи транспорти ва сув йўқ. Уй эса термитларга тўла.

Меҳрибон Қодиримбетова, уй бекаси:

– Кўп уйлар термит билан зарарланган. Улар ёғочдан бўлган ҳамма нарсани — шифт, пол, иншоот ва ҳатто лой ғиштни ейишади. Кун келиб, уй устимизга қулашидан қўрқамиз. Уйни сотиб олганимизда, бу ҳашаротлар ҳақида ҳеч нарса билмасдик. Кейин уйнинг орқа қисми қулаб тушди ва биз уни қайта қуришга мажбур бўлдик. Аммо тез орада термитлар яна пайдо бўлди.

Пишиқ ғишт ёки бошқа мустаҳкам ашёдан уй қуриш учун маблағ етарли эмас. Ачинарлиси, биз уйни сота олмаймиз. Уйлар зараркунанда билан тўлиб-тошганини ҳамма билади. Бу икки кўчани бутунлай термитлар эгаллаб олган… Албатта, бу муаммо бартараф этилса, тоза сув ўрнатилса, транспорт яхшиланса, йўллар таъмирланса, мактаблар очилса, бу ерда ҳам яхши яшаш мумкин. Лекин ҳозир кўпчилик бу ердан қочяпти, – дейди Меҳрибон.


ТАЖОВУЗ

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ушбу ҳашаротлар босгани ҳақидаги хабарлар бир неча йил аввал пайдо бўла бошлади. ЮНЕСКО кор қилмаган термитлар Ичанқалъа (Хива)да 33 та меъморий ёдгорликка таҳдид солди.

Тарихий объектлардан ташқари стратегик объектларга ҳам зарар етказилди. Термиз аэропорти “ҳужум”га учради, бу ерда термитлар учиш-қўниш йўлаги остини қазиб, аэродром ёритиш ва сигнализация тизимларини ишдан чиқарди.

1992 йилда зарарланган 3200 уй хўжалиги аниқланган бўлса, 2013 йил бошида уларнинг сони ўттиз мингга етди.

2012 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти ҳузурида термитларга бўйича Республика термитларга қарши курашbi илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди.

– Бугунги кунда термитлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кенг тарқалган, – дейди унинг директори, биология фанлари доктори Қаҳрамон Рустамов. – Иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши оқибатида уларнинг сони ортмоқда. Ҳозир бу зараркунанда аҳоли турар жойлари, тарихий обидалар, республика аҳамиятига молик ҳудудларга тарқалган.


2023 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 20 мингга яқин уй термитлардан зарар кўрган.


Марказ ходимлари (дарвоқе, бутун республика бўйича бор-йўғи 15 нафар) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари маҳаллий ҳукумат вакиллари билан биргаликда республиканинг барча ҳудудларида мониторинг ва термитларга қарши кураш чораларини бошлашди. Баъзи жойларда ҳашаротлар сони камайиши, баъзиларида эса кўпайиши кузатилмоқда. Харитада энг кўп зарарланган ҳудудлар кўрсатилган:

Термитларнинг тўсатдан ва кенг тарқалишининг асосий сабабларидан бири глобал исиш — дунёда ҳаво ҳароратининг ошиши ҳисобланади. Термитлар қуруқ ва иссиқ жойда тез тарқалиб, мол-мулкка мисли кўрилмаган зарар етказади.


ТЕРМИТ ОВЧИЛАРИ

Биология ва морфологияни ўрганиш ишлаб чиқариш марказида термит биоэкологияси лабораторияси ва ишлаб чиқариш бўлими ташкил этилган.

– Дастлаб республикамизда термитларнинг икки тури бўлган, – дейди Зоология институти катта илмий ходими, биология фанлари номзоди Наталья Лебедева. — Улар қум, шўрхок ерларни эгаллаган ва аҳоли пунктларига камдан-кам ҳужум қилган. Аммо иқлим ўзгариши ва айрим ҳудудларда ер ости сувлари сатҳининг кўтарилиши туфайли термитлар тупроққа чуқурроқ эмас, балки унинг юзаси бўйлаб тарқала бошлаган ва аста-секин аҳоли пунктларига етган.

Қорақалпоғистон, Хоразм ва Бухоро вилоятининг ғарбий туманлари турар жойлари биринчи бўлиб «келгинди»лардан зарар кўра бошлаган.

Марказ мутахассислари йил давомида барча ҳудудларда термитлар фаоллигини кузатиб боради. Чунки зараркунанда ўз вақтида бартараф этилмаса, турар жойларда фавқулодда вазият юзага келиши мумкин.

Бунда, албатта, олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Аниқроғи, аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Термитлар билан зарарланиш хавфи юқори бўлган жойларда уй ва бошқа объектлар қуришда профилактик тадбирларни ўтказиш фойдадан холи эмас. Таниқли эко-журналист Наталья Шулепина 2012 йилда ёзганидек, “Маҳаллий ҳукумат термитлар тарқалган ҳудудларда ўзлаштириш учун ер тақсимлашда хавфни етарлича баҳоламади. Бу борада ҳукуматнинг янги қарори, яъни ушбу ҳудудларда термитлар бутунлай йўқ қилинмагунча бундай ҳаракатлар тақиқланиши жуда муҳим қадам бўлди”

Республика маркази ходимлари томонидан аҳоли билан маърифий ишлар олиб борилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар бугунги кунда изчил давом этмоқда.

– Афсуски, кўпчилик суварак билан қандай курашишни билади, лекин ўз уйини термитлардан қандай ҳимоя қилишни билмайди, — дейди Қаҳрамон Рустамов.

«Антитермит» марказида зараркунандалар учун «тузоқ» хўрак ишлаб чиқарилади. Бу ерда ихтиро қилинган восита (патент билан ҳимояланган) бугунги кунда ушбу муаммонинг энг самарали ва ўз вақтида амалга оширилган ечимларидан бири эканини тасдиқлайди. Восита термитлар билан зарарланган ҳудудларга етказилиб, йилига икки марта (эрта баҳор ва кеч куз) ўрнатилса, бино 100 фоиз термитлардан ҳимояланган бўлади.

Тузоққа тушганда, емирувчи дарҳол нобуд бўлмайди, балки заҳарни уясига етказиб, бутун «қабила»ни заҳарлайди.


P.S. УЧИНЧИ ТУРИМИ?

Ўтган йили синовдан ўтган қарши курашиш чораси айрим ҳолларда муваффақиятсизликка учраганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо бу мутлақо тасодифий бўлиб чиқди.

«Бизнинг тузоғимиз иш бермаслиги мумкин эмас, — дейди Наталья Лебедева. — Олимлар нима бўлганини аниқлашга қарор қилишди. Улар Ўзбекистонда термитларнинг янги, учинчи тури пайдо бўлган деган хулосага келишди. Айни пайтда унинг турини ўрганиш ва аниқлаш замонавий фан талаб қилганидек, молекуляр генетик даражада амалга оширилмоқда”.

Видео (русча)

Фан оламида яна бир янгилик. Белгиялик олимлар дунёнинг йирик шаҳарларини эгаллаши мумкин бўлган термитлар глобал ҳужуми ҳақида огоҳлантиришди.

Тадқиқот Neobiota илмий журналида чоп этилган. Таҳлил шуни кўрсатдики, ҳарорат кўтарилиши ва иқлим ўзгариши натижасида бу зараркунандалар ҳатто Париж, Брюссел, Нью-Йорк, Лондон ёки Токио каби мўътадил шаҳарларда ҳам кўпайиш имкониятига эга бўлади.

Neobiota журналида ёзилишича: «…иссиқлик ороли таъсири туфайли шаҳарлар босқиннинг иссиқ нуқталарини ифодалайди… Бизнинг тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, асосан термит турлари ўзгарувчан иқлим ва тобора урбанизациялашган дунёда тез ривожланиши мумкин».

Юқорида тилга олган қаҳрамонларимизнинг Кегейли туманидан Нукус шаҳрига кўчиши ҳам урбанизациянинг ёрқин намунасидир. БМТ маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг учдан икки қисми (деярли 70%) шаҳарларда яшайди.

Глобал иқлим ўзгаришини ҳисобга оладиган бўлсак, кўчиб келганларни экологик қочқинлар ёки бошқача айтганда иқлим муҳожирлари ташкил этади.

2 thoughts on “ЭКОҚОЧҚИНЛАР ЯНА ҚОЧИШИ КЕРАКМИ?

  1. Уведомление: ЕР УЧУН КУРАШ — uztrend

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.